
Жорий йилнинг 15 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчихонасида ушбу мамлакатнинг Версаль Сен-Кантен-ан-Ивелин университети ҳамда Шарқ тиллари ва цивилизациялари миллий институти (L'Institut national des langues et civilisations orientales) сиёсатшунослик йўналишида таҳсил олаётган талабалар иштирокида учрашув ташкил этилди.
Тадбирда “Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси”, республикамизда сўнги йилларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, юртимизнинг ташқи сиёсати ҳамда Ўзбекистон ва Франция ўртасида икки томонлама муносабатлар каби мавзулар муҳокама қилинди.
Версаль Сен-Кантен-ан-Ивелин университети Шарқ тиллари ва цивилизациялари миллий институти Франциянинг нуфузли олий даргоҳларидан бири ҳисобланади. Халқаро муносабатлар, иқтисод, маданий-гуманитар ва бошқа кўплаб соҳалар бўйича кадрлар тайёрлашда катта тажрибага эга ушбу олий таълим муассасаларида ҳар йили мингдан зиёд талабалар битириб чиқадилар.
Шунингдек, тадбирда талабалар томонидан Ўзбекистон ва Франциянинг таълим соҳасида олиб бораётган саъй-ҳаракатлари, қўшма лойиҳалари, шунингдек Ўзбекистоннинг минтақадаги роли ва ташқи сиёсатига катта қизиқиш билдирилди.
Учрашув якунида талабалар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олишди.