
Марказий Осиёда сўнгги йилларда рўй бераётган ўзгаришларни оддий дипломатик яқинлашув деб баҳолаш қийин. Бу жараён минтақанинг иқтисодий манзарасини ҳам ўзгартирмоқда.
Бир неча йил аввал чегара, транспорт, сув ва энергетика масалалари асосан келишмовчилик манбаи сифатида қаралар эди. Бугун эса айнан шу соҳалар ҳамкорликнинг энг катта имкониятларига айланмоқда. Чунки давлатлар ҳар бир мамлакатнинг алоҳида бозори ва имконияти чеклангани, аммо ўзаро боғланган минтақа анча катта иқтисодий майдон яратишини тушуниб етишди.
Бу ўзгаришнинг сиёсий асоси 2017 йилдан бошланган янги минтақавий ёндашув билан боғлиқ. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган очиқлик, яхши қўшничилик ва прагматизм сиёсати Марказий Осиё давлатлари ўртасида мулоқотни кучайтирди.
2018 йилда Остонада биринчи Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви ўтказилган бўлса, 2025 йилга келиб бундай учрашувлар анъанавий тус олди. Энг муҳими, бу мулоқотнинг иқтисодий натижалари яққол кўзга ташлана бошланди.
Масалан, 2023 йилда минтақа мамлакатларининг ўзаро савдоси аввалги йилларга нисбатан 2,5 баробардан зиёд, ўзаро инвестициялар қарийб 6 баробар ўсган. 2025 йилги Тошкент учрашувида эса Марказий Осиё ички савдоси 10,7 миллиард долларга етгани қайд этилди.
Бу рақамларнинг ортида муҳим бир мантиқ англашилади: ишонч ошса, риск ҳавфи камаяди; хавф камайса, савдо ва инвестиция кўпаяди.
Тошкентдаги еттинчи Маслаҳат учрашуви: янги геоиқтисодий архитектура
2025 йил ноябрида Тошкентда ўтказилган еттинчи Маслаҳат учрашуви минтақавий ҳамкорликда янги босқични бошлаб берди. Озарбайжоннинг форматга тўла ҳуқуқли иштирокчи сифатида қўшилиши Марказий Осиёнинг иқтисодий географиясини кенгайтирди.
Нега бу муҳим? Чунки Марказий Осиёнинг энг катта муаммоларидан бири — денгиз портларига тўғридан-тўғри чиқиш имконияти чекланганидир. Озарбайжон эса Каспий орқали минтақани Кавказ, Туркия ва Европа бозорлари билан боғлайди.
Шу маънода Боку порти, Транскаспий халқаро транспорт йўлаги ва темир йўл тармоқлари Марказий Осиё учун янги экспорт эшикларини очиши мумкин.
Демак, гап фақат юк ташиш ҳақида эмас. Янги коридорлар атрофида логистика марказлари, омборлар, суғурта ва молиявий хизматлар, қайта ишлаш корхоналари пайдо бўлади. Яъни битта транспорт йўлаги бир нечта соҳада янги бизнес яратиши мумкин.
Шунинг учун Марказий Осиё аста-секин “денгиздан узоқ ҳудуд” эмас, балки Евроосиёдаги транспорт коридорлари кесишган иқтисодий хаб сифатида намоён бўла бошламоқда.
Интеграцияни саммитлар эмас, бизнес ҳаракатга келтиради
Минтақавий ҳамкорликнинг ҳақиқий натижаси саммитларда имзоланган ҳужжатлар сони билан эмас, корхоналар ва тадбиркорлар ҳаётидаги ўзгаришлар билан ўлчанади.
Бу борада икки томонлама муносабатлар муҳим аҳамиятга эга. Масалан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги товар айирбошлашни 10 миллиард долларга чиқариш мақсади қўйилган. Сўнгги йилларда икки мамлакатда минглаб қўшма корхоналар ташкил этилди.
Туркманистон билан савдо ҳажми ҳам қарийб 1 миллиард долларга етди. Чегараолди савдо зоналари ва юк ташишнинг ўсиши икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқалар энди фақат пойтахтлар даражасида эмас, ҳудудлар кесимида ҳам ривожланаётганини кўрсатади.
Қирғизистон билан эса транспорт ва энергетика ҳамкорлиги, хусусан, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси катта аҳамиятга эга. У амалга ошса, Марказий Осиёнинг шарқ ва ғарб йўналишларидаги транспорт боғлиқлиги янада кучаяди.
Тожикистон билан муносабатларда ҳам савдо, саноат кооперацияси, транспорт, сув ва энергетика масалалари тобора кўпроқ иқтисодий ҳамкорлик нуқтаи назаридан қаралмоқда.
Бу жараёнларнинг барчасини бирлаштириб турган тенденция бор: қўшни мамлакатлар энди бир-бирини фақат бозор сифатида эмас, ишлаб чиқариш ва инвестиция ҳамкори сифатида кўрмоқда.
Ўзбекистон–Озарбайжон: Абадий дўстлик ва қўшма бозорлар сари
Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги ҳамкорликда Ўзбекистон–Озарбайжон муносабатлари алоҳида ўрин тутади.
Икки мамлакат ўртасида савдо, энергетика, логистика, қурилиш, геология, тўқимачилик ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳалар кенгаймоқда. 2025-йилда икки томонлама товар айирбошлаш ўсди, 2026-йилда ҳам юқори суръат сақланиб қоляпти.
Энг муҳими, муносабатлар энди оддий савдо доирасидан чиқиб, инвестиция ва қўшма ишлаб чиқариш босқичига ўтмоқда. 2030-йилгача ўзаро товар айирбошлашни 1 миллиард долларга етказиш мақсади ҳам қўйилган. Бу ҳамкорликнинг яна бир муҳим томони – Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш имкониятлари Озарбайжоннинг Каспий ва Кавказдаги логистика имкониятлари билан бирлашиши мумкин.
Масалан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулот Каспий орқали Озарбайжонга, ундан Туркия ва Европа бозорларига чиқа олади. Агар бу йўлда божхона, темир йўл, порт ва электрон ҳужжатлар тизими мувофиқлаштирилса, маҳсулотнинг бозорга чиқиш вақти ва харажати қисқаради.
Шунинг учун Озарбайжоннинг минтақавий ҳамкорлик форматига қўшилиши рамзий дипломатик воқеа эмас. У Марказий Осиёнинг иқтисодий харитасини Каспий орқали ғарб томон кенгайтирувчи амалий қадамдир.
Чўлпонотадан Авазагача: саккизинчи Маслаҳат учрашуви олдидан
2026 йил 8-9 октябр кунлари Туркманистоннинг Аваза миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашуви ўтказилиши режалаштирилган.
Бу учрашувнинг аҳамияти унинг кун тартибида ҳам кўринади. Транспорт ва энергетика билан бир қаторда сув, иқлим, экология, Орол денгизи, таълим ва инсон капитали масалалари ҳам муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Бу бежиз эмас. Минтақанинг иқтисодий келажаги энди алоҳида соҳаларга бўлиниб қолмайди.
Масалан, сув — қишлоқ хўжалиги ва энергетика билан, энергетика — саноат билан, транспорт — экспорт билан, таълим эса юқори технологиялар билан бевосита боғлиқ.
Шунинг учун кейинги босқичда интеграцияни фақат “кўпроқ савдо” деб тушуниш етарли эмас. Асосий масала — биргаликда кўпроқ қиймат яратиш.
Минтақавий қиймат занжирлари
Марказий Осиё мамлакатлари учун келажакдаги энг муҳим масалалардан бири савдо ҳажмини ошириш эмас, балки шу савдонинг ичида қанча қўшилган қиймат яратилаётганидир.
Масалан, бир мамлакатда автомобил учун бутловчи қисм ишлаб чиқарилиб, иккинчисида автомобиль йиғилса, учинчисида унинг эҳтиёт қисмлари тайёрланса ва тўртинчи мамлакат орқали ташқи бозорга чиқарилса — бу ҳақиқий минтақавий иқтисодий интеграциядир.
Бундай модель тўқимачилик, электротехника, автомобилсозлик, озиқ-овқат, кимё, фармацевтика ва қурилиш материаллари соҳаларида қўлланиши мумкин.
Бунинг учун эса бизнесга қулай шарт-шароит керак: божхона жараёнларини рақамлаштириш, сертификатларни ўзаро тан олиш, чегарадан ўтиш вақтини қисқартириш, электрон тўловлар ва ҳужжатларни бир-бирига мослаштириш.
Оддий қилиб айтганда, интеграциянинг энг катта натижаси янги декларация эмас, тадбиркорнинг чегарадан тезроқ ва арзонроқ ўтиши бўлади.
Сув ва энергетика: муаммодан умумий манфаатга
Марказий Осиёда интеграциянинг энг мураккаб масалаларидан бири — сув ва энергетика.
Сув ресурслари ва энергия имкониятлари мамлакатлар бўйича бир хил тақсимланмаган. Шу сабабли бир давлат ўз манфаатини алоҳида ҳисоблаб ҳаракат қилса, бутун минтақа учун ноқулай оқибат юзага келиши мумкин.
Аксинча, сув омборлари, гидроэнергетика, қишлоқ хўжалиги ва электр тармоқларини ўзаро мувофиқлаштириш умумий самарани оширади.
Иқлим ўзгариши бу масалани янада долзарблаштирмоқда. Қурғоқчилик, музликларнинг қисқариши ва сувга талабнинг ортиши келажакда давлатларни янада яқин ҳамкорлик қилишга мажбур этади.
Шунинг учун сув ҳисобини рақамлаштириш, маълумот алмашиш, умумий прогнозлар тузиш ва трансчегаравий энергетика лойиҳаларини ривожлантириш интеграциянинг муҳим қисмига айланади.
“Марказий Осиё плюс”: минтақа ташқи дунё билан ҳамоҳанг ҳаракат қилмоқда
Минтақавий яқинлашувнинг яна бир муҳим натижаси — Марказий Осиёнинг ташқи ҳамкорлар билан музокараларда умумий иқтисодий субъект сифатида кўриниши кучаймоқда.
“Марказий Осиё плюс” форматлари орқали Европа Иттифоқи, Хитой, Россия, АҚШ, Жанубий Корея ва бошқа ҳамкорлар билан мулоқотлар олиб борилмоқда.
Бу ерда муҳим жиҳат шундаки, ташқи ҳамкорлар энди минтақани фақат бешта алоҳида бозор сифатида эмас, ўзаро боғланган каттароқ иқтисодий макон сифатида кўриш имконига эга.
2025 йилда Самарқандда ўтказилган биринчи “Марказий Осиё–Европа Иттифоқи” саммитида транспорт, яшил энергетика, инвестиция ва рақамлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Хитой билан ҳам савдо ва транспорт алоқалари кенгаймоқда. 2026 йилда Сеулда биринчи “Марказий Осиё–Корея Республикаси” саммитининг ўтказилиши эса технология ва инсон капитали йўналишининг аҳамияти ошиб бораётганини кўрсатди.
Демак, минтақа бир вақтнинг ўзида ички интеграцияни кучайтириб, ташқи иқтисодий алоқаларини ҳам диверсификация қилмоқда.
Янги тараққиёт учун етти устувор иқтисодий йўналиш
Марказий Осиёда сиёсий ишонч шаклланди. Энди уни иқтисодий натижага айлантириш муҳим.Бунинг учун бир нечта йўналиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Биринчидан, божхона ва савдо жараёнларини рақамлаштириш керак.
Иккинчидан, қўшма саноат корхоналари ва минтақавий қиймат занжирларини кўпайтириш зарур.
Учинчидан, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли, Транскаспий коридори ва бошқа йўналишларни бир-бирига боғланган ягона логистика тизими сифатида ривожлантириш лозим.
Тўртинчидан, инвестиция фондлари, экспорт кредитлари, суғурта ва давлат-хусусий шериклик механизмларини кенгайтириш талаб этилади.
Бешинчидан, сув ва энергетика соҳасида маълумот алмашиш ва узоқ муддатли режалаштиришни мувофиқлаштириш зарур.
Олтинчидан, рақамли тўловлар ва электрон тижорат учун умумий стандартлар яратиш муҳим.
Ва ниҳоят, инсон капиталига инвестиция қилиш талаб этилади. Чунки келажак интеграциясини темир йўллар билан бирга муҳандислар, дастурчилар, олимлар, тадбиркорлар ва янги авлод мутахассислари ҳаракатга келтиради.
Марказий Осиёдаги бугунги жараёнларнинг энг муҳим жиҳати — мамлакатлар бир-бирини рақобатчи сифатида эмас, тобора кўпроқ ҳамкор сифатида кўра бошлаганидир.
Қозоғистон билан савдони 10 миллиард долларга етказиш мақсади, Туркманистон билан чегараолди савдоси ва транспорт алоқаларининг ўсиши, Қирғизистон билан темир йўл ва энергетика лойиҳалари, Тожикистон билан сув-энергетика мулоқоти, Озарбайжон билан Каспий орқали янги транспорт ва инвестиция имкониятларининг очилиши — буларнинг барчаси бир жараённинг турли кўринишларидир.
Бу жараён ҳали тугалланган эмас. Аксинча, унинг энг муҳим босқичи энди бошланмоқда. Чунки сиёсий келишувларни иқтисодий натижага айлантириш ҳар доим ҳам осон эмас. Саммитда имзоланган битим корхонада янги маҳсулотга, транспорт келишуви арзонроқ логистикага, инвестиция битими янги иш ўрнига айланиши керак.
Агар шу занжир ишласа, Марказий Осиёнинг географик чекловлари унинг иқтисодий устунлигига айланиши мумкин.
Каспий бўйидаги портлар, шарқдан келаётган темир йўллар, умумий энергетика тизимлари, минтақавий саноат занжирлари ва катта истеъмол бозори бир-бири билан боғланса, Марказий Осиё шунчаки географик ҳудуд эмас, балки Евроосиёдаги муҳим иқтисодий маконга айланади.
Бугун минтақа олдида тарихий имконият мавжуд: географик чекловларни иқтисодий устунликка, умумий муаммоларни қўшма лойиҳаларга, миллий бозорларни эса ўзаро боғланган катта тараққиёт маконига айлантириш. Бунинг учун саммитларда эришилган келишувларни корхона, инвестор, фермер, транспортчи, олим ва оддий фуқаро кундалик ҳаётида ҳис қиладиган натижаларга айлантириш зарур. Ана шунда Марказий Осиё ҳамкорлиги сиёсий шиор эмас, балки фаровонлик яратадиган реал иқтисодий кучга айланади. Янги Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик минтақавий сиёсати эса бу умумий тараққиёт йўлининг муҳим ташаббускори ва ҳаракатлантирувчи омилларидан бири бўлиб қолади.
Тўлқин Тешабаев,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор