«Трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш соҳасига сунъий интеллектни жорий этишга эътибор қаратиш лозим».
Шавкат Мирзиёев.
Сув — миллат ва давлат чегараларини тан олмайдиган, халқларни ўзаро боғлайдиган улуғ неъмат. Иқлим ўзгариши, аҳоли ва иқтисодиётнинг ўсиши, қурғоқчилик даврларининг узайиши, музликларнинг қисқариши, сув манбаларининг ифлосланиши ва сувга бўлган талабнинг ортиши мамлакатлардан бу ҳаётий ресурсга муносабатни тубдан қайта кўриб чиқишни талаб этмоқда.
Бу жараёнлар туркий давлатларни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Марказий Осиёнинг қор ва музликлардан тўйинадиган дарёларидан тортиб, Кавказ ва Анадолунинг тоғ дарёлари ҳамда қурғоқчил ҳудудларигача бўлган улкан маконда сув иқтисодий ривожланиш ва аҳоли фаровонлигини белгилайдиган асосий омиллардан биридир.
Табиий-географик шароитлар турлича бўлса-да, туркий давлатларнинг сув билан боғлиқ манфаатлари кўп жиҳатдан муштарак. Бир ҳудудда трансчегаравий сув ресурсларини оқилона бошқариш устувор вазифа бўлса, бошқа жойда қурғоқчиликка мослашиш, ирригация тармоқларини модернизация қилиш, сув йўқотишларини камайтириш ва ҳар бир куб метр сувдан кўпроқ иқтисодий самара олиш кун тартибига чиқмоқда.
Шундай шароитда сув хавфсизлиги Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) доирасидаги ҳамкорликнинг истиқболли ва стратегик йўналишларидан бири сифатида тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Сув хавфсизлиги - умумий тараққиёт масаласи
Сув хавфсизлигини фақат сувнинг етарли ёки етарли эмаслиги билан изоҳлаш тўлиқ тасаввур бермайди. Замонавий ёндашувда у аҳоли, иқтисодиёт ва табиат учун етарли миқдордаги сифатли сувни таъминлаш, қурғоқчилик ва тошқин каби хавфларга тайёр туриш, сув инфратузилмалари барқарор ишлашини йўлга қўйиш, ресурслардан самарали фойдаланишни англатади.
Иқлим ўзгариши таъсирида сув балансида юз бераётган ўзгаришлар Қозоғистондан Ўзбекистонга, Қирғизистондан Озарбайжон ва Туркияга қадар ҳар бир давлатда ўзига хос тарзда намоён бўлмоқда. Шу маънода сув хавфсизлиги туркий дунё учун нафақат миллий, балки умумий стратегик масалага айланиб бормоқда.
Туркий давлатлар ташкилотининг стратегик ҳужжатларида экологик барқарорлик ва иқлим ўзгариши масалаларига алоҳида ўрин берилган. «Туркий дунё нигоҳи - 2040» концепцияси ҳамда ТДТнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган стратегиясида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашиш ва табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари сифатида белгиланган.
2024 йил 6 ноябрда Бишкекда ўтказилган ТДТнинг XI саммитида «Туркий яшил нигоҳ: барқарор келажак учун бирлик» концептуал ҳужжати қабул қилинди. Унда ресурс тежамкор ва сувдан самарали фойдаланишга хизмат қилувчи технологияларни кенг жорий этиш, сув ресурсларини барқарор бошқариш, музликлар ва биохилма-хилликни муҳофаза қилиш, ер деградацияси ва чўлланишга қарши курашиш каби вазифалар белгилаб берилди.
Сўнгги йилларда туркий давлатлар ҳамкорлигининг кун тартиби савдо, транспорт ёки маданий алоқалар билангина чекланмай, сув, иқлим ва экология каби барқарор тараққиётни белгилайдиган йўналишларни ҳам қамраб олмоқда.
Сув бўйича мулоқотдан амалий ҳамкорликка
Туркий давлатлар ташкилоти доирасида сув соҳасида қатор амалий қадамлар ташланмоқда. 2024 йил май ойида ТДТ ва Туркия Республикаси Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида «Сувдан самарали фойдаланиш» мавзусида махсус семинар ўтказилди. Унда аъзо ва кузатувчи давлатлар мутахассислари иқлим ўзгариши шароитида суғоришни бошқариш, қурғоқчилик даврида сувдан тежамкор фойдаланиш ва замонавий агротехнологиялар бўйича тажриба алмашди.
Муҳим институтлардан яна бири - ТДТ Қурғоқчиликнинг олдини олиш институти. Будапештда фаолият юритаётган мазкур институт сув бошқаруви, ирригация, қурғоқчиликка қарши курашиш ва экологик муаммолар бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Жорий йилнинг 18 июнь куни вазирлигимизда Туркий давлатлар ташкилотининг Венгриядаги ваколатхонаси Ижрочи директори, ТДТ ҳузуридаги Қурғоқчиликнинг олдини олиш институти Кенгаши раиси Балаж Хендрик билан учрашув ўтказилди. Музокара чоғида қурғоқчилик хавфини баҳолаш усуллари, эрта огоҳлантириш тизимларини жорий этиш, иқлим хавфларини баҳолаш ва бошқариш, сув тежовчи технологиялар ҳамда сув ресурсларини бошқаришда замонавий ёндашувларни кенг татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.
Қурғоқчиликнинг олдини олиш институти ҳамда вазирлигимиз ҳузуридаги Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.
2025 йил 5 март куни Брюсселда ўтказилган ТДТ Минтақавий сув форуми мазкур йўналишдаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди. Форумда сув ресурсларини барқарор бошқариш, замонавий сув технологиялари, яшил ўсиш учун инвестициялар ва қурғоқчиликка бардошлилик масалалари муҳокама қилинди.
Буларнинг барчаси ТДТ доирасида сув масаласи умумий муҳокама мавзусидан босқичма-босқич илмий, институционал ва амалий ҳамкорлик йўналишига айланаётганини кўрсатади. Энди асосий вазифа - бу жараённи тизимли ва натижадор механизмлар билан мустаҳкамлаш.
Рақамлаштириш - сув ҳамкорлигининг янги тили
Бугун сув хўжалигини замонавий технологияларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Сунъий йўлдошлар ёрдамида қор ва музликлар ҳолатини кузатиш, тупроқ намлиги ва қурғоқчилик даражасини баҳолаш, сув омборларидаги захираларни масофадан мониторинг қилиш, каналларда сув сарфини автоматик ўлчаш, гидрологик жараёнларни сунъий интеллект асосида прогнозлаш - булар энди илмий тажриба эмас, замонавий сув бошқарувининг муҳим воситаларига айланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил
15 май куни Туркистон шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитидаги нутқида туркий дунёда янги рақамли тараққиёт даврини барпо этиш йўлида ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, қурғоқчиликни барвақт аниқлаш, тупроқ эрозияси ва музликларнинг эриш жараёнларини мунтазам мониторинг қилиш, шунингдек, трансчегаравий сув ресурсларини бошқаришга сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш зарурлигини таъкидлади.
Бу ташаббус сув соҳасидаги ҳамкорлик учун сифат жиҳатидан янги имкониятларни очади. Мамлакатлар ўзаро мос технологик платформалар, мувофиқлаштирилган ўлчов стандартлари ва ишончли маълумотлардан фойдаланса, сув муносабатларидаги очиқлик ва ўзаро ишонч ҳам ортади. Шу маънода рақамлаштириш нафақат сув бошқарувининг самарали воситаси, балки сув дипломатиясини мустаҳкамлайдиган муҳим механизм бўлиши мумкин.
Сув-энергетика-озиқ-овқат боғлиқлиги
Сувни алоҳида соҳа сифатида бошқариш даври тобора ортда қолмоқда. Сув хўжалигидаги қарорлар қишлоқ хўжалиги ва энергетикага, бу соҳалардаги қарорлар эса ўз навбатида сув режими ва озиқ-овқат хавфсизлигига таъсир кўрсатади.
Айниқса, Марказий Осиёда сув ва энергетика режаларини мувофиқлаштириш, қишки энергетик эҳтиёжлар билан ёзги ирригация талаблари ўртасида мақбул мувозанатни таъминлаш умумий манфаатларга хизмат қилади.
Шу боис масалага фақат «сувни қандай тақсимлаш керак?» деган нуқтаи назардан эмас, балки «мавжуд сувдан олинадиган умумий иқтисодий самарани қандай ошириш мумкин?» деган ёндашув асосида қараш муҳим. Тежамкор суғориш, қайта тикланувчи энергия ва сувни кам талаб қиладиган технологияларни уйғун ривожлантириш ана шундай ёндашувнинг амалий ифодасидир.
Шунда сув мамлакатлар ўртасида рақобат предмети эмас, балки ўзаро манфаат яратадиган стратегик ресурсга айланади.
Сув миқдорини кўпайтириш қийин, аммо самарадорликни ошириш мумкин
Сув тақчиллиги шароитида энг муҳим вазифалардан бири мавжуд ресурсдан самарали фойдаланишдир. Бунинг учун эскирган ирригация инфратузилмасини янгилаш, каналлардаги йўқотишларни камайтириш, сув ҳисобини рақамлаштириш, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияларини кенг жорий этиш, экинларни сув билан таъминлашда илмий асосланган меъёрларга таяниш талаб этилади.
Ўзбекистонда 2020-2025 йилларда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1 870 километр канал бетонлаштирилди. 2026 йилда эса яна
1 300 километр йирик канални бетонлаштирилмоқда. Ушбу тадбирлар сувнинг ерга сингиб кетиши натижасидаги йўқотишларни камайтириш, ирригация тармоқларининг техник ҳолатини яхшилаш ҳамда истеъмолчиларга сувни барқарор етказиб беришга хизмат қилади.
Мамлакатимизда сув тежовчи технологияларнинг қамрови
3,2 миллион гектарга, яъни суғориладиган майдонларнинг қарийб
75 фоизига етди.
Сув ресурсларини тежаш билан бир қаторда, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2017–2026 йилларда 7 160 километр коллектор-дренаж тармоғи қурилди ва реконструкция қилинди, 127 833 километр тармоқда эса таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилди.
Соҳада 10 та ахборот тизими ишлаб чиқилиб, уларни бирлаштирувчи “Сув хўжалиги ягона платформаси” яратилди. Сув ресурсларини ҳисобга олиш ва назорат қилиш учун 13 минг 305 та “Ақлли сув” қурилмаси ўрнатилди, 108 та йирик сув хўжалиги объекти автоматлаштирилди. Йирик сув омборларида сув сатҳи ва ҳажмини онлайн кузатиш тизимлари жорий этилмоқда.
Бундай ислоҳотлар бошқа туркий давлатларда ҳам турли шаклларда амалга оширилмоқда. ТДТ доирасида аъзо давлатларнинг ирригация, гидрология, сув ҳисоби, замонавий инфратузилма ва сув тежовчи технологиялар бўйича илғор тажрибаларини ўзаро ўрганиш катта амалий аҳамиятга эга.
Энг самарали йўллардан бири — ўзини оқлаган ечимларни ўрганиб, уларни маҳаллий шароитга мослаштиришдир.
Илм-фан ва кадрлар - узоқ муддатли ечим
Сув билан боғлиқ муаммоларни фақат бетон, насос ва қувурлар билан ҳал қилиб бўлмайди. Замонавий ирригация тизимини бошқариш учун замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассислар зарур. Шу боис ТДТ доирасида сув соҳасидаги илмий-таълим ҳамкорлигини кучайтириш алоҳида аҳамият касб этади.
2026 йилги Туркистон саммитида Тошкентдаги Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида туркий давлатлар ёшлари учун 2026/2027 ўқув йилига 50 та грант ажратилгани маълум қилинди. Бу экологик ва иқлим соҳасида умумий илмий-таълим муҳитини шакллантириш йўлидаги амалий қадамдир.
Келажакда сув хўжалиги бўйича қўшма магистратура ва докторантура дастурларини йўлга қўйиш, ёш олимлар алмашинувини ва қўшма илмий лойиҳаларни кенгайтириш зарур. «Туркий давлатлар сув мактаби»ни ташкил этиш эса гидрологлар, гидротехниклар, сув дипломатияси мутахассислари ва рақамлаштириш экспертлари учун умумий мулоқот майдони бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Инсон капиталига бундай сармоя сув соҳасида узоқ муддатли ва барқарор натижа беради.
Сув бизни ажратмаслиги, бирлаштириши керак
Сув хавфсизлиги фақат давлат идораларининг вазифаси эмас. Миллионлаб инсонларнинг сувдан қандай фойдаланиши ҳам умумий натижага бевосита таъсир кўрсатади.
Туркий халқларнинг тарихий анъаналарида сувга алоҳида ҳурмат шаклланган. Қадимий шаҳарлар сув манбалари атрофида барпо этилган, ариқ ва каналлар жамоавий меҳнат билан асраб-авайланган, сувга эҳтиёткор муносабат асрлар давомида турмуш тарзининг бир қисми бўлиб келган.
Бугун ана шу маданиятни замонавий мазмун билан бойитиш, ёш авлодда сув саводхонлигини шакллантириш, аҳоли ва фермерлар орасида сувнинг иқтисодий ҳамда экологик қийматини кенг тушунтириш муҳим.
Шу маънода, ТДТ доирасида «Сувни асраш — муштарак қадрият» тамойили асосида қўшма ахборот-маърифий лойиҳаларни амалга ошириш халқларимизни янада яқинлаштириб, сувга масъулиятли муносабатни кучайтиришга хизмат қилади.
Туркий халқларнинг тарихи, тили ва маданий илдизлари муштарак. Буюк мутафаккир Аҳмад Яссавийнинг «Девони ҳикмат» асаридаги бирлик ва аҳиллик ғояси бугунги кунда янада теран мазмун касб этади:
Туркий элга меҳр қилдим,
Бирлик йўлин ҳақ деб билдим.
Дарҳақиқат, янги даврда давлатларимизнинг интеллектуал салоҳияти, илмий имкониятлари ва бунёдкорлик қудратини бирлаштира олсак, туркий дунё илғор ечимлар, барқарор тараққиёт ва фаровонлик маконига айланиши учун мустаҳкам замин яратилади. Сув хавфсизлиги ҳам ана шундай бирлаштирувчи йўналишлардан бири бўлиши мумкин.
Шунинг учун XXI асрда сув хавфсизлигининг асосий формуласи ҳамкорлик, илм-фан, технология, аниқ ҳисоб ва тежамкорлик уйғунлигига таянади. Туркий давлатлар ташкилоти эса бу ёндашувни амалий мазмун билан бойитиш учун катта имкониятларга эга.
Шавкат Хамраев,
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ирригатор.