Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

КЕЛАЖАКНИ БЕЛГИЛАЁТГАН СИЁСАТ - O'zbekiston Respublikasining Fransiya Respublikasidagi elchixonasi

КЕЛАЖАКНИ БЕЛГИЛАЁТГАН СИЁСАТ


Мамлакат тараққиёти унинг ёшларга яратаётган имкониятлари билан белгиланади. Билимли, касб-ҳунарли, ташаббускор ва масъулиятли авлодни вояга етказиш – узоқ муддатли ривожланишнинг энг муҳим шарти. Шу боис мустақиллик йилларида Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати изчил такомиллашиб, мамлакат тараққиёт стратегиясининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан охирги йилларда бу йўналишда қабул қилинган қонун ва фармонлар ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш билан бирга уларнинг салоҳиятини юзага чиқаришга хизмат қиладиган яхлит тизимни шакллантирди. Ёшларнинг таълим олиши, замонавий касбларни эгаллаши, тадбиркорлик билан шуғулланиши, илм-фан, маданият ва спортдаги фаоллигини қўллаб-қувватлайдиган механизмлар изчил ривожлантирилди.

Бу жараёнда ёшларга мамлакатнинг энг катта салоҳияти ва келажак тараққиётини белгилайдиган ресурс сифатида қараляпти. Давлат сиёсатининг бош мақсади ҳам ёшларни тайёр ечим кутадиган қатлам эмас, ўз ғояси, билими ва ташаббуси билан жамият ривожига ҳисса қўшадиган куч сифатида камол топтиришдан иборат. Бундай ёндашув ёшларнинг фикрини эшитиш, уларнинг эҳтиёжларини чуқур ўрганиш ва имкониятлардан тенг фойдаланиши учун зарур шароитларни яратишни устувор вазифага айлантирди.

Ёшларни қўллаб-қувватлашнинг янги модели

Ёшлар билан ишлаш фақат битта ташкилот зиммасидаги вазифа сифатида қаралмаяпти. Оила, маҳалла, таълим муассасалари ва давлат идоралари ҳамкорлигига таянган узлуксиз механизм шаклланди. Айниқса, маҳаллаларда йўлга қўйилган тизим ёшларнинг эҳтиёжларини бевосита яшаш ҳудудининг ўзида ўрганиш, уларнинг таклифларини тинглаш ва манзилли ечимлар ишлаб чиқишга хизмат қилаяпти.

Тизимнинг энг муҳим механизмларидан бири “Ёшлар дафтари” бўлди. 2021-йилда ушбу тизим орқали 584 минг нафар ёшга 380,5 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилган бўлса, тизим жорий этилгандан буён жами 1,5 миллион нафар ёшга қарийб 2 триллион сўмлик кўмак берилди. “Ёшлар дафтари” эҳтиёжманд ёшларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатишда самарали механизм сифатида ўзини оқлади.

Бу йил “Ёшлар дафтари” жамғармалари орқали кўрсатиладиган хизматлар “Subsidiya.mf.uz” ахборот тизими билан интеграция қилиниб, ёшларга субсидия ажратиш жараёни тўлиқ рақамлаштирилди.

Билим, касб ва чет тиллари

Ёшлар сиёсатининг самараси таълим тизимида юз бераётган ўзгаришларда намоён бўляпти. Амалга оширилган ислоҳотлар ёшларнинг билим олиши, замонавий касбларни эгаллаши ва меҳнат бозорида муносиб ўрин топиши учун кенг имкониятлар яратди. Асосий эътибор фақат таълим муассасалари сонини кўпайтиришга эмас, сифатли таълим, очиқ рақобат ва барча ҳудудлар учун тенг имкониятларни таъминлашга қаратилди.

Натижада олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 44 фоизга етди. ОТМлар сони 77 тадан 207 тага ошди. Хусусий олий таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилди, нуфузли хорижий университетлар филиаллари очилди. Бу ислоҳотлар ёшларнинг ўз юртида халқаро даражадаги таълим олиш имкониятини сезиларли даражада кенгайтирди.

Таълимдаги яна бир муҳим ўзгариш хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш йўналишида амалга оширилди. Магистратура босқичида таҳсил олаётган қизлар учун контракт тўловларини давлат томонидан қоплаш тизими жорий этилди. Ушбу қарор кўплаб ёш хотин-қизларнинг илмий изланишларини давом эттириши ва олий таълимнинг кейинги босқичига киришини рағбатлантирди.

“Устоз AI” лойиҳаси ҳам ёшларни замонавий касбларга тайёрлашда муҳим майдонга айланди. Бугунги кунда ушбу лойиҳа орқали 1 миллион 372 минг нафардан ортиқ ёш замонавий касбларни ўрганмоқда. Рақамли иқтисодиёт шароитида сунъинтеллект, ахборот технологиялари ва янги касблар бўйича кўникмаларни эгаллаётган ёшлар сафининг кенгайиши мамлакатнинг келажакдаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлайдиган омиллардан бири.

Ёшларнинг хорижий тилларни пухта ўзлаштиришини рағбатлантириш мақсадида халқаро тил сертификатлари харажатларини қоплаш механизми ҳам изчил такомиллаштирилди. Бугунги кунгача 78 минг 22 нафар ёшга халқаро тил сертификатлари учун тўланган маблағ компенсация қилиб берилди. Ушбу тизим жорий этилган илк йилларда айрим халқаро имтиҳонлардан юқори натижа қайд этган ёшларнинг имтиҳон харажатлари қайтариб берилиши кучли рағбат сифатида баҳоланган эди. Бу тажриба билим ва меҳнатни қўллаб-қувватлашга қаратилган рағбатлантириш механизмлари амалда юқори самара бераётганини кўрсатмоқда.

Таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг яна бир муҳим жиҳати имкониятларни ҳудудлар бўйича тенг тақсимлашга қаратилганидир. Чекка ҳудуддаги ёш ҳам, йирик шаҳарда яшаётган йигит-қиз ҳам хорижий тил ўрганиши, замонавий касб эгаллаши, янги билимларни ўзлаштириши ва ўз устида ишлаши учун бир хил шароит яратиш бугунги сиёсатнинг устувор йўналишига айланди.

Ҳудудлардаги ўрганишлар, мулоқотлар давомида ўқув маркази очаман деган ёшларни кўп учратамиз ва албатта уларга кўмаклашамиз. Нимадан далолат? Илмга эҳтиёж, интилиш, талаб борлигидан.

Интеллектуал салоҳиятни ривожлантириш

Глобал рақобатда устунлик қилиш учун билим, тафаккур ва инновациялар керак. Шу сабаб Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати таълим билан бир қаторда маърифат, интеллектуал ривожланиш ва эркин фикрлаш муҳитини шакллантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу йўналишда амалга оширилаётган лойиҳалар ёшларнинг мутолаа маданияти, таҳлилий-танқидий фикрлаши ва илмий салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилаяпти.

Китобхонликни оммалаштириш бўйича бошланган ишлар кенг қамровли ҳаракатга айланди. “Мутолаа” лойиҳаси бунинг яққол мисоли. Агар 2023-йилда лойиҳа доирасида китоб ўқиётган ёшлар сони 5 минг 236 нафарни ташкил этган бўлса, 2026-йилга келиб бу кўрсаткич 5 миллион 309 минг 661 нафарга етди.

Китобхонликни рағбатлантиришда “Ёш китобхон” танлови ҳам муҳим ўрин тутяпти. Дастлаб 247 минг нафар ёшни қамраб олган ушбу танлов бугунги кунда 5 миллион иштирокчига эга бўлди.

Бу йил ҳам шахсан давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бир нечта китобхонлик лойиҳалари ишга туширилди, қарорлар имзоланди. Китоб атрофида бўлаётган ишларнинг ўзи жуда катта кўламни эгаллайди. Дарҳақиқат, бутун миллат, унинг келажаги билан масала бу.

Ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган яна бир муҳим платформа “Заковат” интеллектуал клубидир. Ҳозир клуб сафида 3 миллиондан ортиқ иштирокчилар жамланган.

Ёшлар сиёсатида хотин-қизларнинг билим олиши ва шахсий ривожланиши алоҳида эътиборда турибди. Шу мақсадда амалга оширилаётган “Қизлар академияси” лойиҳаси билан 1 миллион 177 минг 511 нафар хотин-қиз қамраб олинди. Ушбу лойиҳа орқали таълим, касбий ривожланиш, лидерлик ва шахсий камолот йўналишларида янги имкониятлар яратилди.

Илм-фан соҳасидаги натижалар ҳам амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини тасдиқлайди. Нуфузли халқаро фан олимпиадаларида қўлга киритилган медаллар сони 210 тага етди. Бу ўзгариш иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларни тизимли қўллаб-қувватлаш ва халқаро майдонда рақобатлаша оладиган авлодни вояга етказиш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилганини кўрсатади.

Замонавий тараққиёт янги ғоялар, эркин мулоқот ва инновацион фикрлаш билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис ёшларнинг ўз фикрини эркин билдиришига, янги ташаббусларни илгари суришига ва уларни амалиётга татбиқ этишига хизмат қиладиган майдонлар кенгайиб боряпти. Чунки илмий кашфиётлар, инновациялар ва янги лойиҳалар аввало изланиш, мулоқот ва ғоялар алмашинувидан бошланади. Интеллектуал салоҳиятни ривожлантиришга қаратилган бугунги ёндашув ҳам айнан ана шу тамойилга таянади.

Ёшлар – иқтисодий тараққиётнинг янги кучи

Замонавий иқтисодиётда янги иш ўринлари, юқори қўшилган қиймат яратадиган маҳсулотлар ва технологик ечимларнинг катта қисми айнан стартаплар ҳамда ёш тадбиркорлар фаолияти билан боғлиқ. Бу борада шакллантирилган қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳам амалий натижа бера бошлади. Ёш тадбиркорлар сони нақ 142,5 мингга етди!

Ёшлар сиёсатида тадбиркорликни ривожлантириш бизнес очишга кўмаклашиш билан чекланмайди. Асосий эътибор инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш, янги технологияларни яратиш ва глобал бозорда рақобатлаша оладиган стартапларни шакллантиришга қаратилмоқда. Бундай ёндашув натижасида Ўзбекистон глобал стартап экотизимида 2023-йилдаги 111-ўриндан 2026-йилда 79-ўринга кўтарилди. Мамлакатнинг энг тез ривожланаётган “Йил мамлакати” сифатида эътироф этилгани ҳам мазкур йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқаро миқёсдаги эътирофи.

Йирик технологик компаниялар кўпинча ёшларнинг ғояси ва ташаббусидан бошланади. Шу жиҳатдан Ўзбекистон ёшлари олдида ҳам кенг уфқлар очилмоқда. Хорижда таълим олаётган, халқаро компанияларда фаолият юритаётган ва ўз бизнесини йўлга қўйган ватандошлар тажрибаси ёшлар учун янги марраларни белгилаб беряпти. Энди мақсад муваффақиятли бизнес лойиҳаларини кўпайтириш билан бирга глобал бозорда рақобатлаша оладиган йирик компанияларни вужудга келтиришдан иборат. Замонавий тилда айтганда, бунда ҳам прогрессни кўриш mumkin, яъни мақсадларимиз, режаларимиз тобора катталашиб боряпти.

Иқтисодий, ижтимоий ривожланиш бўлгани сари креатив иқтисодиёт муҳимлашади. Бизда ҳам шуни кузатиш мумкин. Рақамли контент, анимация, кино, мусиқа, дизайн, дастурий маҳсулотлар ва бошқа ижодий йўналишлар ёшларнинг билимини иқтисодий қийматга айлантириш имконини бермоқда. Креатив индустрияга янги иш ўринларини яратиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва интеллектуал маҳсулотлар улушини кўпайтиришда муҳим омиллардан бири сифатида қараляпти.

Ёшларнинг ғояларини қўллаб-қувватлаш, уларга тажриба орттириш ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун имконият яратиш Ўзбекистоннинг узоқ муддатли тараққиёт мақсадлари билан чамбарчас боғлиқ.

Халқаро майдонда

Нуфузли университетларда таҳсил олаётган, халқаро ташкилот ва компанияларда фаолият юритаётган ватандошларнинг билим ва тажрибаси Ўзбекистоннинг интеллектуал салоҳиятини бойитадиган муҳим ресурсдир. Шу боис ёшларга оид давлат сиёсатида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва хориждаги ёшлар билан мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Хусусан, сўнгги йилларда БМТ конференциялари доирасида ҳамда АҚШга амалга оширилган ташрифлар давомида у ерда таҳсил олаётган ва фаолият юритаётган ўнлаб ўзбекистонлик ёшлар билан учрашувлар ташкил этилди. “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари билан ҳам мунтазам мулоқот йўлга қўйилди.

Халқаро ҳамкорлик йўналиши хорижга меҳнат фаолияти учун кетган ёшларни ҳам қамраб оляпти. Маҳаллалардаги ёшлар етакчилари улар билан доимий мулоқот олиб боради, зарур ҳолларда муаммоларини ҳал этишга кўмаклашади. Юртга қайтган ёшларни ўз яшаш ҳудудида муносиб ва даромадли иш билан таъминлаш бўйича манзилли ишлар амалга оширилмоқда. Ёшлар етакчиларининг бу борадаги фаолияти ҳар куни давом этадиган узлуксиз тизимнинг муҳим бўғинига айланди.

Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати эришилган натижаларни сарҳисоб қилиш босқичидан янги марраларни белгилаш босқичига ўтяпти. Бу сиёсат ортида кўплаб қонунчилик ислоҳотлари, замонавий механизмлар ва миллионлаб ёшларнинг ҳаётида юз бераётган амалий ўзгаришлар мужассам.

Ўзбекистоннинг тажрибаси халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда. Мамлакатимиз БМТнинг “Ёшлар стратегияси – 2030”ни намунали амалга ошираётган 10 та давлат қаторидан жой олди. Бухоро, Тошкент ва Хива шаҳарларининг халқаро ёшлар пойтахти мақомини олгани ҳам юртимизда ёшлар манфаатларига қаратилган сиёсат изчил ривожланаётганининг амалий тасдиғидир.

Олдинда турган вазифалар ҳам аниқ. Ёшларнинг сифатли таълим олиши, замонавий касбларни эгаллаши, илм-фан билан шуғулланиши, тадбиркорлик ва стартап экотизимида фаол иштирок этиши, креатив иқтисодиёт имкониятларидан унумли фойдаланиши учун яратилаётган шароитларни янада кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хориждаги ватандош ёшларнинг билим ва тажрибасини мамлакат тараққиётига йўналтириш, чекка ҳудудларда яшаётган йигит-қизлар учун ҳам тенг имкониятларни таъминлаш келгуси йилларнинг устувор йўналишлари бўлиб қолади.

Ҳар қандай ислоҳотнинг ҳақиқий натижаси инсонлар тақдирида кўринади. Ёшларнинг билим олиши, меҳнат қилиши, ташаббус кўрсатиши ва ўз устида мунтазам ишлаши учун яратилаётган имкониятлар Ўзбекистоннинг эртанги тараққиётига хизмат қиладиган энг муҳим сармоядир. Билимли, ташаббускор ва масъулиятли авлод шаклланган сари Янги Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори янада мустаҳкамланиб боради.

Алишер САЪДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори, сенатор