Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўзбекистон – Иордания: ўзаро манфаатли ҳамкорлик уфқларини кенгайтириш - O'zbekiston Respublikasining Fransiya Respublikasidagi elchixonasi

Ўзбекистон – Иордания: ўзаро манфаатли ҳамкорлик уфқларини кенгайтириш


Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 23–24 ноябрь кунлари Иорданияга ташрифи ўзбек-иордан муносабатлари ривожида янги босқични бошлаб беради. Ташриф сиёсий мулоқотга қўшимча туртки бериш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилашга хизмат қилади.

Ўзбекистон ривожланган саноат ва аграр базаси, табиий ресурслари ҳамда ўсиб бораётган ички бозорга эга. Иордания, ўз навбатида, фармацевтика ва кимё саноатида кучли мавқега, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш тажрибасига ҳамда Яқин Шарқ бозорларида иштирокини кенгайтириш имкониятларига эга. Икки мамлакат иқтисодиётининг бир-бирини тўлдириши савдони кўпайтириш, инвестицияларни жалб қилиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун шароит яратади.

Бўлажак музокаралар сўнгги йилларда фаоллашган сиёсий мулоқотнинг давоми бўлиб, эришилган келишувларни янада ривожлантиришга қаратилади.

Сиёсий мулоқот шерикликни чуқурлаштириш асоси сифатида

Ўзбекистон ва Иордания ўртасида дипломатик муносабатлар 1993 йил 15 февралда ўрнатилган. Ўтган давр мобайнида икки томонлама муносабатлар институционал асосга эга бўлди ва бу сиёсий мулоқот ҳамда амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун имкониятлар очди.

Қирол Абдулла II нинг 2025 йил 25–26 август кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи муҳим босқич бўлди. Музокаралар якунлари бўйича давлат раҳбарлари савдо, инвестициялар, таълим ва туризм соҳаларини қамраб олган 15 та икки томонлама ҳужжатни имзолади.

2026 йилда асосий эътибор эришилган келишувларни амалда рўёбга чиқаришга қаратилди. Жорий йил 3 апрелда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Иордания ҳукуматлараро комиссиясининг биринчи йиғилиши саноат, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва логистика соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилишга ўтишни белгилаб берди.

Ишбилармонлар кенгашининг таъсис этилиши, 2025 йил 25 сентябрдан визасиз режимнинг жорий қилиниши ҳамда 2026 йил 1 июлдан Амман ва Тошкент ўртасида ҳафтасига икки марта авиарейсларнинг йўлга қўйилиши ишбилармонлик ва гуманитар алоқаларни кенгайтириш учун қўшимча шароит яратди.

Шавкат Мирзиёев ва Абдулла II нинг 2026 йил 6 ноябрь куни Остонада Ақаба жараёни йиғилиши ҳошиясида бўлиб ўтган учрашуви сиёсий мулоқотнинг давоми бўлди. Томонлар эришилган келишувлар ижросини ҳамда савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Ҳозирги босқичда асосий вазифа эришилган келишувлардан амалий самара олиш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишни таъминлашдан иборат.

Савдо ва саноат кооперацияси: ўсишнинг янги нуқталари

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик шерикликнинг энг истиқболли йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. 2025 йил якунларига кўра ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 79 фоизга ошди. Бироқ савдо ҳажми ҳозирча нисбатан кичик бўлиб қолмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонда Иордания капитали иштирокидаги 18 та корхона фаолият юритмоқда.

Саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамкорликка янги туртки бериши мумкин. 2025 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги вакиллари Dar Al-Dawa компанияси раҳбарияти билан дори воситалари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, технологияларни жалб қилиш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Компания маҳсулотларини 40 дан ортиқ мамлакатга экспорт қилади.

Кенг истиқболлар кимё саноати, хусусан, Иорданиянинг фосфат ва калий тузлари захираларидан фойдаланиш билан боғлиқ. Ўзбекистоннинг UzBasalt ҳамда Иорданиянинг National Arab Mining and Downstream Industries Company (NAMC) компанияларининг Иорданияда базальт толаси ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ташаббуси ҳам қизиқиш уйғотади. 2026 йил октябрь ойида томонлар тегишли имкониятларни кўриб чиқди. Лойиҳа ҳозирда ўрганиш босқичида.

Икки минтақа бозорларига ўзаро кириш салмоқли имкониятлар очади. Ўзбекистон иордан компаниялари учун Марказий Осиёда бизнесни ривожлантиришнинг истиқболли майдончаси сифатида қизиқиш уйғотади, Иордания эса ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг Яқин Шарқ бозорларидаги иштирокини кенгайтиришга кўмаклашиши мумкин.

Бундай ҳамкорлик салоҳиятини Petra агентлиги 2026 йил октябрь ойида эълон қилган Jordan Exports тадқиқоти ҳам тасдиқлайди. Унинг маълумотларига кўра, 2024 йилда Ўзбекистон импортининг 35,3 миллиард долларидан тахминан 2,28 миллиард доллари Иордания ишлаб чиқарадиган ва экспорт қиладиган товар тоифаларига тўғри келган. Шу билан бирга, Иорданиянинг ушбу тоифалар бўйича амалдаги етказиб беришлари атиги 741 минг долларга яқинни ташкил этган. Фармацевтика, қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари, қандолат маҳсулотлари, пластмасса ва қадоқлаш материаллари энг истиқболли йўналишлар сифатида кўрсатилган.

Устида иш олиб борилаётган Преференциал савдо тўғрисидаги битим муҳим рағбат бўлиши мумкин. Унинг имзоланиши ўзаро етказиб беришларни соддалаштириши ва маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириши мумкин. Шу билан бирга, мавжуд имкониятларни рўёбга чиқариш дистрибьюторлик тармоқларини ривожлантириш, сертификатлаштиришни такомиллаштириш ва логистика харажатларини камайтиришни талаб этади.

Сув ресурслари ва озиқ-овқат: тажриба алмашиш ва биргаликдаги ечимлар

Қишлоқ хўжалиги ва сувдан оқилона фойдаланиш Ўзбекистон ва Иордания манфаатлари кўп жиҳатдан туташадиган йўналишлардир. Ҳар икки мамлакат учун сувдан фойдаланиш самарадорлиги аграр соҳа барқарорлиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги билан бевосита боғлиқ.

Ўзбекистон катта аграр салоҳият ва ривожланган қайта ишлаш тармоғига эга. Шу билан бирга, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти баҳолашларига кўра, мамлакатдаги умумий сув истеъмолининг қарийб 90 фоизи қишлоқ хўжалиги ҳиссасига тўғри келади. Бу ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш ва сув тежовчи технологияларни жорий этиш заруратини белгилайди.

Иордания учун сув танқислиги янада кескин. Жаҳон банки маълумотларига кўра, мамлакатнинг қайта тикланадиган ички сув ресурслари йилига аҳоли жон бошига тахминан 61 куб метрни ташкил этади. Бу кўрсаткич мутлақ сув танқислигининг 500 куб метрлик халқаро чегарасидан анча паст. Бунга жавобан мамлакат тозаланган оқова сувлардан қайта фойдаланиш, замонавий суғориш тизимлари ва гидропоникани ривожлантирмоқда.

Иордания тажрибаси Ўзбекистон учун сув тежовчи технологияларни жорий этиш, сув истеъмолини рақамли мониторинг қилиш ва қишлоқ хўжалигини қурғоқчил иқлимга мослаштириш масалаларида амалий аҳамиятга эга. Ҳамкорлик технологиялар алмашинуви, қўшма тадқиқотлар ва мутахассислар тайёрлашни ўз ичига олиши мумкин.

Озиқ-овқат соҳасидаги ҳамкорлик ҳам кам истиқболли эмас. Ўзбекистон Иордания бозорига мева-сабзавот маҳсулотлари, қуритилган мевалар, дуккакли экинлар ва қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришни кенгайтириши мумкин. Бунинг учун совутиш инфратузилмасини ривожлантириш, логистикани такомиллаштириш ва маҳсулотларнинг фитосанитария талабларига мувофиқлигини таъминлаш зарур.

Транспорт боғлиқлиги: янги логистика имкониятлари

Денгизга бевосита чиқиш имкониятига эга бўлмаган Ўзбекистон учун халқаро транспорт йўналишларини диверсификация қилиш принципиал аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, Иорданиянинг Қизил денгиз соҳилидаги асосий денгиз порти бўлган Ақаба порти алоҳида қизиқиш уйғотади. Ундан келгусида ўзбек маҳсулотларини Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бозорларига етказиб беришда фойдаланиш мумкин.

Бу имкониятларни рўёбга чиқариш мультимодал йўналишларни ишлаб чиқиш, юк ташиш нархи ва муддатларини баҳолаш, шунингдек, божхона тартиб-таомилларини мувофиқлаштиришни талаб этади. Бунда икки мамлакатнинг транспорт операторлари, логистика компаниялари ва тегишли давлат тузилмалари ўртасидаги ҳамкорлик муҳим роль ўйнаши мумкин.

Амман ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновнинг йўлга қўйилиши алоқаларни мустаҳкамлашнинг яна бир омили бўлди. Бу ишбилармонлик алоқалари ва туристик алмашинувлар учун қулайроқ шароит яратмоқда.

Энергетика: қайта тикланувчи манбалар ва технологиялар алмашинуви

Энергетика ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан биридир. Иордания Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, 2024 йилда электр энергияси ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи энергия манбаларининг улуши 26,9 фоизни ташкил этган. Ўзбекистон ҳам янги генерация қувватларини фаол оширмоқда. 2025 йилда қуёш ва шамол электр станциялари 10,5 миллиард кВт·соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқарди.

Технологиялар алмашинуви, компанияларнинг қайта тикланувчи энергетика лойиҳаларидаги иштироки, энергия самарадорлигини ошириш, энергияни сақлаш тизимларини жорий этиш ва энергетика инфратузилмасини бошқаришни рақамлаштириш ўзаро қизиқиш уйғотади.

Бу соҳадаги ҳамкорлик икки мамлакатнинг энергетика хавфсизлигини таъминлаш ҳамда «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш бўйича мақсадларига эришишга ҳисса қўшиши мумкин.

Технологик шериклик ва инсон капиталини ривожлантириш

Ҳамкорликнинг янги истиқболлари рақамли технологиялар, мутахассислар тайёрлаш ва энергетикани модернизация қилиш билан боғлиқ. Ҳар икки мамлакат IT соҳасини ривожлантириш ҳамда давлат бошқаруви ва иқтисодиётни рақамлаштиришдан манфаатдор. 2026 йил март ойида тегишли идоралар рақамли тиббиёт соҳасида ҳамкорлик қилиш имкониятларини кўриб чиқди.

Университетлар ўртасидаги ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. 2026 йил 17–18 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Иордания университетлари ректорларининг биринчи форуми томонлар манфаатдорлигининг амалий тасдиғи бўлди. Унда 19 та ўзбек ва 16 та иордан университети вакиллари иштирок этди. Форумда қўшма таълим ва илмий-тадқиқот лойиҳалари, жумладан, сунъий интеллект, муҳандислик, энергетика, сув ресурслари ва тиббиёт соҳаларидаги лойиҳалар муҳокама қилинди.

Минтақавий хавфсизлик: ҳамкорликнинг янги йўналишлари

Минтақавий ва халқаро хавфсизлик масалалари икки томонлама кун тартибида муҳим ўрин эгаллайди. Бундай мулоқот майдончаларидан бири 2015 йилда Қирол Абдулла II ташаббуси билан бошланган Ақаба жараёнидир. Ушбу формат терроризм, экстремизм ва бошқа трансмиллий таҳдидларга қарши курашишда халқаро мувофиқлаштиришни мустаҳкамлашга қаратилган.

Ўзбекистон Президентининг Ақаба жараёнида давлат раҳбарлари даражасида илк бор иштирок этиши муҳим босқич бўлди. 2026 йил 6 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев Остонада сунъий интеллект соҳасидаги хавфсизлик масалаларига бағишланган саммитда иштирок этди.

Давлат раҳбари ўз нутқида замонавий таҳдидларга қарши курашишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, «Инсон манфаатлари йўлида рақамли тараққиёт» концепциясини илгари суриш таклиф этилди, сунъий интеллектни бошқариш масалалари бўйича БМТнинг Глобал мулоқотини ўтказиш ғояси қўллаб-қувватланди, шунингдек, Тошкентда БМТ Аксилтеррор бошқармасининг минтақавий офисини очишга тайёрлик билдирилди.

Бундан ташқари, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази негизида «Рақамли даврда жаҳолатга қарши маърифат» халқаро дастурини йўлга қўйиш таклиф этилди. Дастур кўп тилли ахборот ресурсларини ривожлантириш, дин арбобларини рақамли муҳитда ишлашга тайёрлаш ва ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлашни назарда тутади.

Икки давлатнинг Ақаба жараёнидаги иштироки тегишли тузилмалар ўртасидаги ҳамкорлик, мутахассислар тайёрлаш ва таҳлилий ишланмалар алмашинуви учун қўшимча имкониятлар яратиб, икки томонлама кун тартибини минтақавий хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик билан тўлдиради.

Гуманитар алоқалар: маданият, таълим ва туризм

Ўзбекистон ва Иорданиянинг маданий ва тарихий мероси икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш учун қўшимча имкониятлар яратади. Ҳар икки мамлакат ислом цивилизацияси тарихида алоҳида ўрин тутади ва ўзаро маданий алмашинув учун қизиқарли бўлган бой меросга эга.

Ўзбекистон Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий марказлари билан машҳур бўлса, Иордания туристларни қадимий Петра, Ўлик денгиз, Вади-Рам ва диний зиёратгоҳлари билан жалб этади.

Визасиз режим ва тўғридан-тўғри авиақатнов туристик алоқаларни кенгайтириш учун қулай шароит яратмоқда. Истиқболлар туристик компаниялар ҳамкорлиги, мавзули йўналишларни ривожлантириш ва икки мамлакатнинг туристик имкониятларини биргаликда тарғиб қилиш билан боғлиқ.

Академик алмашинувлар ва илмий алоқаларни, жумладан, ислом меросини ўрганиш, арабшунослик ва тарих соҳаларида ривожлантириш алоҳида аҳамиятга эга. Пировардида, фуқаролар ўртасидаги бевосита мулоқот ва бир-бирининг маданияти билан яқиндан танишиш Ўзбекистон ва Иорданиянинг узоқ муддатли яқинлашуви учун ижтимоий асос яратади.

Келишувлардан амалий натижаларга

Муносабатлардаги ижобий динамикага қарамай, ҳамкорликни янада кенгайтириш бир қатор амалий масалаларни ҳал этишни талаб қилади. Булар савдо ҳажмининг нисбатан кичиклиги, транспорт харажатлари, сертификатлаштириш ва божхона расмийлаштируви тартиб-таомиллари, шунингдек, тадбиркорларнинг икки мамлакат бозорлари имкониятларидан етарлича хабардор эмаслигидир.

Шу боис сиёсий қўллаб-қувватлов давлат органлари, тармоқ бирлашмалари ва бизнеснинг изчил фаолияти билан уйғунлашиши лозим. Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши инвестиция имкониятларини аниқлаш, қўшма лойиҳаларни амалга оширишда кўмаклашиш ва тадбиркорлар учун тўсиқларни бартараф этишга эътиборни қаратган ҳолда алоҳида роль ўйнаши керак.

Амманда бўлиб ўтадиган олий даражадаги музокаралар ҳамкорлик устуворликларини белгилаш ва эришилган келишувлар ижросига туртки бериш имконини беради.

Янги босқич муваффақиятининг асосий мезони имзоланган ҳужжатлар ва эълон қилинган ташаббуслар сони эмас, балки реал натижалар, яъни савдонинг ўсиши, янги инвестициялар, қўшма ишлаб чиқаришларнинг ташкил этилиши, янги бозорларнинг ўзлаштирилиши ва барқарор ишбилармонлик алоқалари бўлиши керак.

Сиёсий ишончни изчил равишда аниқ иқтисодий, технологик ва гуманитар натижаларга айлантириш икки мамлакат муносабатларидаги янги босқичнинг истиқболларини белгилаб беради. Мавжуд салоҳият самарали рўёбга чиқарилган тақдирда, ўзбек-иордан шериклиги Марказий Осиё ва Яқин Шарқ ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг аҳамиятли намунасига айланиши мумкин.

 

Бахтиёр Саломов, Марказий Осиё халқаро институти етакчи илмий ходими