Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўзбекистон ва Сербия: меҳнат мобиллигидан инсон капитали соҳасидаги стратегик шериклик сари - O'zbekiston Respublikasining Fransiya Respublikasidagi elchixonasi

Ўзбекистон ва Сербия: меҳнат мобиллигидан инсон капитали соҳасидаги стратегик шериклик сари


Сербия иқтисодиёти ривожланиб, айрим тармоқларда малакали кадрларга эҳтиёж ортиб бораётган бир пайтда, Ўзбекистон билан шаклланаётган янги ҳамкорлик модели бу эҳтиёжни қонуний, тартибли ва икки давлат институтлари назоратида таъминлаш имконини бериши мумкин.

Гап шунчаки бир мамлакатдан иккинчисига ишлаш учун одам юбориш ҳақида эмас. Янги ёндашув Сербия меҳнат бозорининг аниқ эҳтиёжларини ўрганиш, зарур мутахассисларни Ўзбекистоннинг ўзида танлаш ва тайёрлаш, иш берувчиларни бу жараёнга бевосита жалб қилиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари кафолатланган ҳолда ишга жойлаштиришга асосланади.

Шу маънода, Тошкент ва Белград ўртасида сўнгги йилларда шаклланаётган муносабатларда янги ва истиқболли йўналиш — тартибли меҳнат мобиллиги ва инсон капитали соҳасидаги шериклик пайдо бўлмоқда.

Сиёсий ишончдан амалий механизмга

Бу жараённинг сиёсий пойдевори 2025 йил октябрь ойида қўйилди.

Сербия Республикаси Президенти Александр Вучичнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи икки мамлакат муносабатларида тарихий босқич бўлди. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Александр Вучич ўртасидаги музокаралар якунида Қўшма декларация қабул қилинди, иқтисодиёт, инвестициялар, таълим, технологиялар, туризм ва бошқа соҳаларни қамраб олган ҳужжатлар пакети имзоланди.

Улар орасида меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ҳам бор эди.

Шу тариқа тартибли меҳнат миграцияси икки мамлакат ўртасидаги олий даражадаги сиёсий мулоқотнинг амалий йўналишларидан бирига айланди.

Орадан етти ой ўтиб, бу сиёсий келишув аниқ институционал жараёнга айлана бошлади.

2026 йил 18–19 май кунлари Тошкентда ўтказилган Халқаро миграция форумида Сербия меҳнат, бандлик, фахрийлар ва ижтимоий масалалар вазири Милица Журжевич Стаменковски бошчилигидаги делегация иштирок этди.

Бу ерда Сербия аудиторияси учун муҳим бир факт бор: Сербия ҳукуматининг расмий маълумотига кўра, бу мамлакатнинг хорижий давлат билан меҳнат мобиллиги бўйича бошлаган биринчи шундай битими. Ва биринчи ҳамкор сифатида айнан Ўзбекистон танланган.

Қонуний, хавфсиз ва назорат қилинадиган мобиллик

Сербиянинг ушбу ҳамкорликка муносабатини вазир Милица Журжевич Стаменковскининг Тошкентда билдирган позицияси аниқ ифодалайди.

Унинг таъкидлашича, бўлажак битимдан мақсад меҳнат мобиллиги фақат қонуний, хавфсиз ва назорат қилинадиган доирада, аниқ қоидалар ҳамда давлатнинг тўлиқ институционал назорати остида амалга оширилишини таъминлайдиган самарали механизм яратишдир.

Вазирнинг фикрича, масъулиятли давлатлар миграция оқимларини ўз ҳолига ташлаб қўймайди, балки уларни ўз фуқаролари, иқтисодиёти ва мамлакат хавфсизлиги манфаатларидан келиб чиқиб бошқаради.

Бу позиция Ўзбекистонда сўнгги йилларда шаклланаётган янги ёндашув билан уйғун.

Ўзбекистон учун ҳам асосий вазифа фуқарони шунчаки хориждаги бўш иш ўрнига йўналтириш эмас. Янги модель иш берувчининг эҳтиёжини олдиндан аниқлаш, номзодни танлаш, зарур бўлса касб ва тилга тайёрлаш, меҳнат шартларини аввалдан белгилаш ва шундан кейингина уни қонуний механизм орқали ишга йўналтиришга асосланади.

Ҳамкорлик нолдан бошланаётгани йўқ

Ўзбекистон ва Сербия ўртасида меҳнат соҳасидаги амалий ҳамкорлик тажрибаси аллақачон мавжуд.

Ўзбекистон Миграция агентлиги маълумотларига кўра, Сербия қишлоқ хўжалигида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкиллаштирилган тартибда 2022 йилда 435 нафар, 2024 йилда 135 нафар, 2025 йилда эса 215 нафар Ўзбекистон фуқароси юборилган. 2026 йилнинг дастлабки етти ойида яна 9 нафар фуқаро шу механизм орқали Сербияда меҳнат фаолиятини бошлаган.

Бугунги кунда Миграция агентлиги билан сербиялик компаниялар ўртасида Ўзбекистон фуқароларини вақтинча меҳнат фаолиятига жалб қилиш бўйича учта ҳамкорлик келишуви амал қилмоқда.

2026 йилда эса ҳамкорлик қишлоқ хўжалигидан ташқари бошқа тармоқларга ҳам кенгая бошлади.

Февраль ойида сербиялик ҳамкорлар иқтисодиётнинг айрим соҳалари учун қарийб 200 нафар мавсумий ходимга эҳтиёж мавжудлигини билдирди. Июнь ойида эса сербиялик рекрутинг компанияси фасад ишлари учун яна 50 нафар мутахассисга талаб билдирди.

Аммо бу янги моделнинг энг яққол амалий мисоли июль ойида кузатилди.

Сербиялик иш берувчи кадрни Ўзбекистоннинг ўзида танлади

2026 йил 6–10 июль кунлари Сербиянинг M Enterijer Gradnja doo Beograd–Voždovac компанияси Ўзбекистонда қурилиш соҳасидаги 120 та иш ўрни учун бевосита танлов ўтказди.

Таклиф этилган вакансиялар 50 нафар арматурачи, 50 нафар дурадгор, 5 нафар қурилиш муҳандиси, 5 нафар кранчи ва 10 нафар махсус техника операторини қамраб олди.

Иш ҳақи ойига 1 000 евродан 1 500 еврогача белгиланган. Виза ва ишлаш рухсатномасини расмийлаштириш, транспорт, яшаш жойи, икки маҳал овқатланиш ҳамда тиббий суғурта харажатларини иш берувчи ўз зиммасига олган.

Вакансияларга 100 нафар фуқаро қизиқиш билдирди. Улардан 74 нафари суҳбат ва амалий синовларга қўйилди. Якунда 43 нафар мутахассис танловдан муваффақиятли ўтди ва уларнинг ҳужжатлари кейинги расмийлаштириш жараёни учун сербиялик иш берувчига тақдим этилди.

Бу тажриба икки мамлакат ўртасида шаклланаётган моделнинг моҳиятини яхши кўрсатади.

Сербиялик иш берувчи номзодни фақат резюме орқали эмас, балки унинг касбий маҳоратини Ўзбекистоннинг ўзида бевосита баҳолайди. Номзод эса Сербияга боришидан аввал қаерда ишлаши, қандай вазифани бажариши, қанча иш ҳақи олиши ва қандай шароитларда яшашини билади.

Яъни икки томон учун ҳам ноаниқлик камаяди.

«Аввал тайёрлаш, кейин ишга йўналтириш»

Ўзбекистонда меҳнат мобиллиги соҳасидаги яна бир муҳим ўзгариш — хорижий иш берувчининг буюртмасига энди фақат вакансия эмас, кадр тайёрлаш учун аниқ талаб сифатида қаралаётганидир.

2026 йил май ойида Тошкентда “INTIL” хорижий тиллар ва касбларга ўқитиш халқаро маркази иш бошлади. Дастлабки босқичда марказда саккизта хорижий тил ва 12 та касб бўйича тайёргарлик, халқаро имтиҳонлар, шунингдек, виза ва ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ маслаҳат хизматлари назарда тутилган.

Бундай инфратузилма келгусида Сербия компанияларининг аниқ эҳтиёжлари асосида ҳам кадрларни мақсадли тайёрлаш имконини беради.

Масалан, сербиялик иш берувчига маълум миқдорда пайвандчи, қурилиш мутахассиси, ҳайдовчи ёки бошқа касб эгалари керак бўлса, номзодларни Ўзбекистонда саралаш, уларнинг малакасини иш берувчи талабларига мувофиқ такомиллаштириш ва тил бўйича дастлабки тайёргарликдан ўтказиш мумкин.

Айнан шу жиҳат Сербия томони учун ҳам аҳамиятли.

Милица Журжевич Стаменковски Ўзбекистон томонининг Сербияда вақтинча ишлайдиган фуқароларни мамлакатга боришидан олдин тайёрлаш, жумладан, серб тили билан таништиришга тайёрлигини ижобий баҳолаган. Бу уларнинг иш жойи ва Сербиядаги кундалик ҳаётга тезроқ мослашишига ёрдам бериши мумкин.

Шу тариқа келажакдаги ҳамкорлик формуласи аниқ кўринади:

Сербия эҳтиёжни белгилайди — Ўзбекистон кадрни танлайди ва тайёрлайди — иш берувчи унинг малакасини баҳолайди — давлат институтлари эса жараённинг қонунийлиги ва шаффофлигини таъминлайди.

 

Марказда — инсон

Ҳар қандай меҳнат мобиллиги модели унинг марказида инсон тургандагина барқарор бўлади.

Шунинг учун Ўзбекистон учун хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши, муносиб яшаш шароитлари ва ҳуқуқий ҳимоя ишга жойлаштиришнинг ўзи каби муҳим.

Сербия билан бу йўналишдаги мулоқот ҳам янги эмас.

2022 йилда Ўзбекистон делегацияси Сербиянинг меҳнат соҳасидаги ваколатли органлари, Савдо-саноат палатаси, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва меҳмонхона бизнеси вакиллари, иш берувчилар ҳамда Халқаро миграция ташкилотининг Сербиядаги ваколатхонаси билан музокаралар ўтказган. Сербияда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари билан ҳам бевосита мулоқот қилиниб, уларнинг меҳнат ва яшаш шароитлари ўрганилган.

Энди ана шу тажрибани икки давлат ўртасидаги доимий институционал механизмга айлантириш имконияти пайдо бўлмоқда.

Бу ерда икки томоннинг қарашлари яна бир нуқтада учрашади: меҳнат мобиллиги қонуний, хавфсиз ва тартибга солинган бўлиши керак.

Мобиллик учун яна бир қадам

Икки мамлакат ўртасида одамлар ҳаракатини енгиллаштириш бўйича ҳам амалий қадамлар ташланмоқда.

2026 йил апрель ойи охиридан Сербия Ўзбекистон фуқаролари учун 30 кунгача бўлган бир марталик киришни назарда тутувчи “C” тоифасидаги электрон визалар беришни бошлади.

Кейинги босқичда мавсумий меҳнат учун янада қулай механизмларни кўриб чиқиш, бошқа меҳнат йўналишларида виза жараёнларини соддалаштириш ҳамда Ўзбекистон Миграция агентлиги билан Сербия Миллий бандлик хизмати ўртасида ташкиллаштирилган ишга жойлаштириш бўйича тўғридан-тўғри ҳамкорликни кучайтириш истиқболлари мавжуд.

Бу муносабатлар фақат бир томонлама ҳаракатга асосланмайди.

Сербия фуқаролари ҳам Ўзбекистонда қонуний меҳнат фаолиятини амалга оширмоқда. Жумладан, 2022 йилда 53 нафар, 2023 йилда 48 нафар, 2024 йилда 32 нафар Сербия фуқаросига Ўзбекистонда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун тегишли тасдиқномалар берилган.

Демак, гап «Ўзбекистондан Сербияга ишчилар юбориш»дан кўра анча кенг тушунча — икки мамлакат ўртасидаги тартибли меҳнат мобиллиги ҳақида бормоқда.

Нега айнан Ўзбекистон?

Сербия аудиторияси учун бу табиий савол.

Унинг жавобини Сербия ҳукуматининг ўзи ҳам берган: меҳнат мобиллиги бўйича биринчи шундай хорижий ҳамкор сифатида Ўзбекистон танлангани мамлакатнинг жадал иқтисодий ривожланиши ва икки давлат муносабатларининг стратегик шериклик сари тез суръатда чуқурлашаётгани билан изоҳланган.

Ўзбекистон эса катта ва ёш меҳнат ресурсларига эга бўлиш билан бирга, фуқароларни ташқи меҳнат бозорларининг аниқ талабларига мувофиқ тайёрлаш тизимини шакллантирмоқда.

Шу нуқтада икки мамлакат манфаатлари бир-бирини тўлдиради: Сербия иқтисодиётига зарур кадрлар ва Ўзбекистоннинг уларни танлаш ҳамда тайёрлаш имконияти.

Бу ҳамкорликни келажакда фақат мавсумий қишлоқ хўжалиги ёки қурилиш соҳаси билан чеклаб қўймаслик имконини ҳам беради. Сербия иқтисодиётининг реал эҳтиёжидан келиб чиқиб, бошқа тармоқлар учун ҳам мутахассисларни мақсадли тайёрлаш мумкин.

Тошкент ва Белград ўртасидаги янги кўприк

2025 йил октябрь ойида Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Александр Вучич ўртасидаги биринчи саммитда Марказий Осиё ва Болқон ўртасида янги транспорт йўлакларини ривожлантириш муҳимлиги таъкидланган эди.

Аммо икки минтақа ўртасидаги муҳим кўприклардан бири фақат темир йўл ёки автомобиль магистрали эмас, инсон капитали бўлиши ҳам мумкин.

Сербия учун тартибли меҳнат мобиллиги иқтисодиётнинг реал эҳтиёжларига мос, олдиндан сараланган ва тайёрланган кадрларни қонуний механизм орқали жалб қилиш имкониятидир.

Ўзбекистон учун эса бу фуқароларига янги қонуний меҳнат бозорларини очиш, уларнинг касбий малакаси ва даромадини ошириш, шу билан бирга хориждаги ҳуқуқ ва манфаатларини давлат даражасида ҳимоя қилиш имкониятидир.

Шу боис Тошкент ва Белград ўртасида бошланган жараённи оддий меҳнат миграцияси лойиҳаси сифатида баҳолаш камлик қилади.

Унинг истиқболи анча кенг — кадрларни мақсадли тайёрлаш, иш берувчиларни жараёнга бевосита жалб қилиш, қонуний ва хавфсиз меҳнат мобиллигини таъминлаш ҳамда инсон капиталига сармоя киритишга асосланган узоқ муддатли шериклик моделини яратиш.

Сербия меҳнат, бандлик, фахрийлар ва ижтимоий масалалар вазири Милица Журжевич Стаменковски Тошкентда Ўзбекистон ва Сербия муносабатлари «янги тарихий босқичга» кираётганини ва мақсад икки дўст мамлакат ўртасидаги муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш эканини таъкидлаган эди.

Меҳнат мобиллиги соҳасида сўнгги ойларда қўйилган амалий қадамлар бу фикрнинг аниқ мазмун касб этаётганини кўрсатмоқда.

Олий даражадаги сиёсий ишонч мавжуд. Ҳуқуқий асос шаклланмоқда. Иш берувчилар ва кадрлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар бошланган.

Энди асосий вазифа — бу имкониятни Сербия ва Ўзбекистон иқтисодиётига, энг аввало, икки мамлакат инсонлари манфаатига хизмат қиладиган барқарор тизимга айлантириш.