Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркиянинг Анқара шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги — 13-саммитида иштирок этади.
Туркий давлатлар ташкилотининг Анқарада ўтказилиши режалаштирилган 13-саммити арафасида ташкилот доирасидаги иқтисодий ҳамкорлик янги мазмун касб этмоқда. Савдо ва инвестициялар билан бир қаторда саноат кооперацияси, транспорт йўлаклари, рақамли инфратузилма, сунъий интеллект ва қўшма молиялаштириш механизмлари ҳамкорликнинг амалий йўналишларига айланмоқда. Айни пайтда ТДТнинг 2027–2031 йилларга мўлжалланган янги стратегияси тайёрланаётгани Анқара учрашувининг иқтисодий аҳамиятини янада оширади.
Туркий давлатлар ташкилоти бугун Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва Туркия орқали Европа бозорларини боғлайдиган йирик иқтисодий ҳудудлардан бирини қамраб олмоқда. 2025 йил якунларига кўра, ТДТ мамлакатларининг умумий номинал ЯИМи қарийб $2,3 трлн, харид қобилияти паритети бўйича эса $6,2 трлндан зиёд бўлган. Уларнинг умумий ташқи савдо айланмаси $1,2 трлндан ошган.
Ушбу кўрсаткичлар ТДТ маконидаги иқтисодий ҳамкорлик учун катта бозор мавжудлигини кўрсатади. Бироқ масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Ташкилот мамлакатларининг ташқи савдоси катта бўлишига қарамай, улар ўртасидаги савдонинг мавжуд иқтисодий салоҳиятга нисбатан ҳажми ҳали чекланган. Шу сабабли кейинги босқичда асосий масала товар айирбошлаш ҳажмини оддий кўпайтиришдан саноат кооперацияси, транспорт харажатларини камайтириш ва умумий инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга ўтиб бормоқда.
ТДТ мамлакатлари иқтисодиётларининг ўзаро фарқли таркиби бундай кооперация учун имконият яратади. Туркия машинасозлик, автомобиль саноати, электротехника, тўқимачилик ва кимё соҳаларида катта ишлаб чиқариш базасига эга. Қозоғистон ва Озарбайжон энергетика ресурслари билан бирга металлургия ва нефт-кимё тармоқларида салмоқли ўрин эгаллайди. Ўзбекистонда тўқимачилик ва тикувчилик саноати, электротехника, автомобилсозлик, кимё, озиқ-овқат саноати ва рангли металлургия ривожланмоқда. Қирғизистоннинг енгил саноат ва қишлоқ хўжалигидаги имкониятлари ҳам умумий ишлаб чиқариш занжирларини кенгайтириш учун қўшимча база беради.
Шу жиҳатдан ТДТ доирасидаги интеграциянинг иқтисодий натижаси фақат ўзаро савдо ҳажми билан эмас, балки мамлакатлар корхоналарининг бир-бирининг ишлаб чиқариш занжирларига қай даражада кириб бориши билан ҳам белгиланади.
Ўзбекистон учун туркий давлатлар билан иқтисодий алоқалар ташқи савдони диверсификация қилишнинг муҳим йўналишларидан бирига айланди.
2025 йилда Ўзбекистоннинг умумий ташқи савдо айланмаси $81,2 млрдга етди. Шундан экспорт $33,8 млрд, импорт $47,4 млрдни ташкил қилди. Мамлакатнинг йирик савдо шериклари қаторида Қозоғистон билан товар айланмаси $5 млрд, Туркия билан $3 млрдни ташкил этди.
Қозоғистон ва Туркиянинг ўзи Ўзбекистон ташқи савдосининг қарийб ўндан бир қисмини таъминламоқда. Шу билан бирга, Қирғизистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Венгрия билан иқтисодий алоқалар қўшилганда, ТДТ макони Ўзбекистон учун алоҳида минтақавий савдо бозори сифатида намоён бўлади.
Сўнгги йиллардаги ўсишда экспорт ҳам муҳим роль ўйнади. 2025 йилда Ўзбекистон Қозоғистонга $1,5 млрд, Туркияга $1,1 млрд, Қирғизистонга $771,1 млнлик маҳсулот ва хизматлар экспорт қилди.
Савдонинг товар таркиби иқтисодий ҳамкорликнинг сифат жиҳатидан ҳам ўзгараётганини кўрсатади. 2025 йилда Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатларига экспортида саноат маҳсулотлари 28,2%, машина ва транспорт ускуналари 19%, озиқ-овқат маҳсулотлари 11,1%, кимё маҳсулотлари 10%, хизматлар 12,7% улушга эга бўлган. Импортда озиқ-овқат маҳсулотлари 22,8%, минерал ёқилғи 20,3%, саноат товарлари 18,1%, машина ва транспорт ускуналари 12,9%ни ташкил этган.
Бундай структура икки муҳим хусусиятни кўрсатади. Биринчидан, Ўзбекистоннинг ТДТ бозорига экспорти хомашё билан чекланмайди ва унда саноат товарлари ҳамда машиналарнинг салмоғи юқори. Иккинчидан, импорт таркибида энергия ресурслари, саноат товарлари ва ускуналарнинг мавжудлиги ТДТ мамлакатлари билан савдо ички ишлаб чиқариш жараёнлари билан ҳам боғлиқ эканини англатади.
Шу сабабли кейинги босқичда товар айирбошлаш ҳажмидан ташқари ўзаро саноат кооперацияси даражаси ҳам муҳим кўрсаткич бўлиб боради.
Савдо ҳажми сезиларли ўсганига қарамай, мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмаган.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон ТДТ мамлакатларига экспортни қўшимча $2,7 млрдга ошириш имкониятига эга. Энг катта резерв Туркия бозорига тўғри келади - $1,8 млрд. Қозоғистон бўйича қўшимча экспорт имконияти $500 млн, Венгрия бўйича $200 млн, Қирғизистон бўйича $100 млн деб баҳоланган.
Бу ерда экспортни ошириш учун бозор ҳажмининг ўзи етарли эмас. Маҳсулот сифати, стандартларни ўзаро тан олиш, сертификатлаш, транспорт харажатлари, етказиб бериш муддати ва савдони молиялаштириш механизмлари экспортчининг рақобатбардошлигига бевосита таъсир қилади.
Айниқса, аграр ва озиқ-овқат маҳсулотларида имконият катта. ТДТ мамлакатларининг умумий қишлоқ хўжалиги бозори тахминан $72 млрд деб баҳоланади. Ўзбекистон учун мева-сабзавот, қайта ишланган озиқ-овқат, тўқимачилик маҳсулотлари, электротехника, қурилиш материаллари, минерал ўғитлар, мис маҳсулотлари ва полимерлар экспортни кенгайтириш мумкин бўлган товар гуруҳлари қаторига киради.
Экспорт резервининг катта қисми Туркия ва Қозоғистонга тўғри келиши ҳам иқтисодий жиҳатдан аҳамиятли. Туркия катта истеъмол бозори билан бирга Европа ва Ўрта ер денгизи бозорларига чиқиш имконини беради. Қозоғистон эса географик яқинлиги, умумий транспорт тармоқлари ва Марказий Осиёдаги ишлаб чиқариш занжирлари туфайли Ўзбекистон корхоналари учун табиий кооперация шериги ҳисобланади.
Шу маънода $2,7 млрдлик экспорт резервини амалга ошириш масаласи ишлаб чиқариш, логистика ва савдо сиёсатининг биргаликдаги вазифасига айланади.
Савдо алоқалари билан бир вақтда ТДТ мамлакатларидан Ўзбекистонга инвестициялар оқими ҳам сезиларли ошди.
2017–2025 йилларда ТДТ мамлакатларидан Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган инвестициялар ҳажми $11,5 млрддан ошди. Фақат 2025 йилнинг ўзида $3,8 млрд инвестиция жалб қилинган. Туркия $2,4 млрд билан ТДТ мамлакатлари орасида Ўзбекистоннинг йирик инвестори бўлган. Маблағлар асосан қайта ишлаш саноати, энергетика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва логистикага йўналтирилган.
2026 йил апрель ҳолатига мамлакатда ТДТ давлатлари капитали иштирокида 4,5 мингдан ортиқ корхона фаолият юритган.
Корхоналар сонининг кўпайиши иқтисодий муносабатларда муҳим сифат ўзгаришини англатади. Савдо товар чегарани кесиб ўтган пайтда якунланади. Тўғридан-тўғри инвестиция эса мамлакатлар иқтисодиётларини узоқ муддатга боғлайди - капитал, технология, иш ўринлари, маҳаллий етказиб берувчилар ва экспорт каналлари орқали.
Шу сабабли ТДТ доирасида қўшма саноат лойиҳаларининг кўпайиши ўзаро савдонинг кейинги ўсиши учун ҳам база бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Масалан, бир мамлакатда ишлаб чиқарилган бутловчи қисм иккинчи мамлакатда тайёр маҳсулотга айлантирилиб, учинчи бозорга экспорт қилинса, савдо статистикаси ортида ягона ишлаб чиқариш занжири пайдо бўлади. Туркий давлатлар иқтисодиётларининг ихтисослашувидаги фарқ айнан шундай модель учун имконият яратади.
ТДТ иқтисодий архитектурасидаги энг муҳим институционал ўзгаришлардан бири Туркий инвестиция жамғармасининг амалий фаолиятга ўтиши бўлди.
2025 йилда унинг устав капитали $500 млндан $600 млнга оширилди. Ўзбекистоннинг улуши $100 млнни ташкил этади.
Жамғарманинг иқтисодий аҳамияти фақат унинг ўз капитали ҳажми билан ўлчанмайди. Асосий масала ушбу капиталдан бошқа халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилиш учун фойдаланиш имкониятидадир.
2026 йил 17 июнда Туркий инвестиция жамғармаси ва Ислом тараққиёт банки гуруҳи таркибидаги Хусусий секторни ривожлантириш ислом корпорацияси ўртасида $50 млнгача бўлган исломий қўшма молиялаштириш дастури бўйича битим имзоланди. Дастур Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистонда маҳаллий молия институтлари орқали кичик ва ўрта бизнесни молиялаштиришни назарда тутади.
1 июлда яна бир амалий модель пайдо бўлди. Туркий инвестиция жамғармаси Қозоғистонда KMF Bank’ка $10 млнгача, Европа тикланиш ва тараққиёт банки эса $50 млнгача молиялаштириш ажратиш бўйича битим имзолади. Умумий ресурс микро, кичик ва ўрта корхоналарни кредитлашни кенгайтиришга йўналтирилади.
Ушбу икки мисол янги тенденцияни кўрсатади. Жамғарма ўз маблағларини тўғридан-тўғри тақсимлайдиган институт бўлиш билан чекланмай, халқаро молия ресурсларини ТДТ ҳудудидаги лойиҳаларга жалб қилиш платформасига айланиши мумкин.
Бундай ёндашув Жамғарманинг $600 млнлик капиталига нисбатан анча катта ҳажмдаги инвестицияларни сафарбар қилиш имконини беради. Айниқса, саноат кооперацияси, транспорт, энергетика, рақамли инфратузилма ва кичик бизнес лойиҳалари учун бундай механизм муҳим аҳамият касб этади.
ТДТ маконида савдонинг яна бир муҳим омили транспорт харажатлари ва етказиб бериш муддатларидир.
Марказий Осиё мамлакатларининг денгиз портларига тўғридан-тўғри чиқиш имконияти чеклангани сабабли логистика харажатлари экспорт рақобатбардошлигига кучли таъсир кўрсатади. Шу нуқтаи назардан Каспий денгизи орқали Озарбайжон, Грузия ва Туркияга, ундан Европа бозорларига чиқувчи Транскаспий халқаро транспорт йўналиши - Ўрта коридор - ТДТ доирасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим инфратузилмавий асосларидан бирига айланмоқда.
Ўзбекистон учун ушбу йўналишнинг аҳамияти қурилаётган Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли билан янада ортади. Янги темир йўл тармоғини Каспий йўналиши билан боғлаш Хитойдан Марказий Осиё орқали Кавказ ва Европага чиқадиган шарқ-ғарб логистика занжирида Ўзбекистоннинг иштирокини кенгайтириши мумкин.
Лекин замонавий транспорт коридори фақат темир йўл ва автомобиль йўлидан иборат эмас. Чегарадан ўтиш, рухсатнома, божхона декларацияси, юк хати ва юкни кузатиш тизимлари ҳам ташиш вақти ва харажатларига таъсир қилади.
Шу сабабли ТДТ транспорт сиёсатида рақамлаштириш алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида e-Permit электрон рухсатномалар тизими жорий қилинди. 2026 йил 23 апрелда Бишкекда ўтказилган ТДТ транспорт вазирларининг 9-йиғилишида унинг амалга оширилиши ижобий баҳоланди ва e-CMR электрон халқаро товар-транспорт юк хатини жорий этиш бўйича меморандум имзоланди.
Ўзбекистон Президенти май ойидаги Туркистон саммитида E-Permit тизими ТДТга аъзо мамлакатлар билан тўлиқ ишга туширилганини таъкидлаб, Ўрта коридорни Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли билан боғлаш, соддалаштирилган божхона коридорини ривожлантириш, маълумот алмашинуви ва юкларни кузатиш жараёнларини рақамлаштириш бўйича таклифларни илгари сурди.
Бу жараёнларнинг барчаси бир тизимда ишласа, ТДТ ҳудудида товарнинг ҳаракати билан бирга ҳужжат ва маълумотларнинг ҳам рақамли ҳаракатини таъминлайдиган логистика муҳити пайдо бўлади.
Иқтисодий нуқтаи назардан натижа оддий - чегарада камроқ вақт, камроқ маъмурий харажат ва экспортчи учун етказиб бериш муддатини аниқроқ режалаштириш имконияти.
2026 йилда ТДТ иқтисодий ҳамкорлигининг янги йўналиши янада яққол кўринди.
15 май куни Туркистонда «Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш» мавзусида ўтказилган норасмий саммитда рақамли инфратузилма, инновацион технологиялар ва сунъий интеллектни амалий қўллаш масалалари алоҳида муҳокама қилинди.
Ўзбекистон томонидан «Рақамли туркий коридор» концепциясини ишлаб чиқиш таклиф қилинди. Унинг мазмуни минтақа давлатларидаги дата-марказларни юқори тезликдаги алоқа каналлари билан боғлашга қаратилган.
Шунингдек, сунъий интеллект бўйича стратегик ҳамкорлик тармоғини ташкил этиш, Тошкентда Технологиялар форумини ўтказиш ва мамлакатлар ўртасида технологик ҳамкорликни кучайтириш ташаббуслари илгари сурилди.
Бу ерда транспорт ва рақамли интеграция ўртасида ўхшашлик мавжуд. Ўрта коридор товарлар ҳаракатини таъминласа, «Рақамли туркий коридор» маълумотлар ҳаракатини тезлаштиришга хизмат қилиши мумкин.
Натижада ТДТ маконида интеграциянинг икки параллел инфратузилмаси пайдо бўлади - физик ва рақамли.
Биринчи йўналиш автомобиль ва темир йўллар, портлар, логистика марказлари ва божхона инфратузилмасини қамраб олади. Иккинчиси дата-марказлар, телекоммуникация каналлари, булутли ҳисоблаш, сунъий интеллект инфратузилмаси ва рақамли хизматлар билан боғлиқ.
Уларнинг ўзаро боғланиши электрон савдо, рақамли логистика, финтех, трансчегаравий хизматлар ва ишлаб чиқаришни рақамли бошқариш каби янги иқтисодий фаолият турларини кенгайтириши мумкин.
ТДТ доирасидаги ўзгаришларнинг яна бир хусусияти иқтисодий ҳамкорлик учун доимий институтлар пайдо бўлаётганидир.
Аввал ҳамкорлик асосан давлат раҳбарлари саммитлари, ҳукуматлараро учрашувлар ва икки томонлама битимларга таянган бўлса, ҳозир молия, транспорт ва рақамли иқтисодиётда алоҳида механизмлар шаклланмоқда.
Туркий инвестиция жамғармаси инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш механизмини яратмоқда. E-Permit ва e-CMR транспорт ҳужжатларини рақамлаштиришга хизмат қилмоқда. Рақамли коридор ташаббуси эса маълумотлар инфратузилмасини ўзаро боғлашни кўзда тутади.
Бундай институтларнинг иқтисодий аҳамияти уларнинг алоҳида мавжудлигида эмас, балки бир-бирини тўлдиришида.
Шунинг учун интеграция самараси савдо тўсиқларини камайтириш билан бирга савдога хизмат қилувчи бутун инфратузилмани ривожлантириш даражасига боғлиқ бўлади.
ТДТ доирасидаги жараёнлар Ўзбекистон учун бир нечта иқтисодий имкониятни очади.
Биринчи имконият - экспорт бозорларини кенгайтириш. $2,7 млрдлик қўшимча экспорт салоҳияти мавжуд савдо оқимларига нисбатан сезиларли резерв ҳисобланади.
Иккинчи имконият - ишлаб чиқариш кооперацияси. Туркиянинг саноат ва технологик базаси, Қозоғистон ва Озарбайжоннинг ресурслари, Ўзбекистоннинг меҳнат ресурслари ва ривожланаётган қайта ишлаш саноати ўзаро тўлдирувчи ишлаб чиқариш занжирларини ташкил этиш имконини беради.
Учинчиси - транспорт географияси. Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини Ўрта коридор билан боғлаш Ўзбекистоннинг шарқ-ғарб йўналишидаги транзит ва логистика имкониятларини кенгайтиради.
Тўртинчиси - капитал. Туркий инвестиция жамғармаси ва халқаро молия институтлари билан қўшма молиялаштириш механизмлари хусусий сектор учун янги ресурс манбаларини очиши мумкин.
Бешинчиси - рақамли иқтисодиёт. Дата-марказлар, сунъий интеллект, электрон савдо ва рақамли транспорт ҳужжатларининг интеграцияси хизматлар савдосини товарлар савдосига нисбатан тезроқ кенгайтириш имконини беради.
Шу билан бирга, мавжуд имкониятлар автоматик равишда иқтисодий натижага айланмайди. $2,7 млрдлик экспорт салоҳияти реал экспортга айланиши учун маҳсулот стандартлари, сертификатлаш, логистика харажатлари, молиялаштириш ва бозорга кириш масалалари товарлар кесимида ҳал қилиниши керак.
Худди шу тарзда транспорт коридорининг иқтисодий самарасини унинг узунлиги ёки ундаги мамлакатлар сони билан эмас, юкни етказиб бериш вақти, бир тонна юк учун транспорт харажати ва чегарада кутиш вақти каби кўрсаткичлар билан баҳолаш мақсадга мувофиқ.
Инвестиция ҳамкорлигида эса жалб қилинган капитал ҳажми билан бир қаторда маҳаллийлаштириш даражаси, маҳаллий корхоналарнинг етказиб бериш занжирига кириши, яратилган иш ўринлари ва экспорт тушуми каби натижалар муҳим аҳамиятга эга.
2026 йил сентябрь ҳолатига ТДТнинг Анқарада ўтказиладиган 13-саммитига тайёргарлик ишлари давом этмоқда. Ташкилот Бош котиби Кубаничбек Омуралиев ва Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан 8 сентябрда саммитнинг ташкилий ва мазмуний масалалари ҳамда кутилаётган натижаларини муҳокама қилди.
Муҳокамаларда яна бир муҳим ҳужжат - ТДТнинг 2027–2031 йилларга мўлжалланган стратегияси ҳам кўриб чиқилди. У келгуси даврда Ташкилот фаолияти ва устувор йўналишларининг стратегик асосини белгилаши кутилмоқда.
Шу нуқтаи назардан Анқара саммити ТДТ иқтисодий ҳамкорлигининг кейинги босқичи учун аҳамиятли бўлиши мумкин.
Сўнгги йилларда шаклланган тенденция аниқ кўринади. Дастлаб асосий эътибор савдо ҳажмини оширишга қаратилган бўлса, эндиликда товар айирбошлашни инвестициялар, транспорт инфратузилмаси, молия институтлари ва рақамли технологиялар билан боғлаш жараёни кучаймоқда.
Ўзбекистон учун асосий вазифа мавжуд $2,7 млрдлик қўшимча экспорт имкониятини амалий савдога айлантириш, ТДТ мамлакатлари билан қўшма ишлаб чиқариш занжирларини кенгайтириш, транспорт харажатларини камайтириш ва янги молиявий механизмлардан хусусий сектор лойиҳаларини қўллаб-қувватлашда фойдаланишдан иборат.
Натижада ТДТ доирасидаги иқтисодий интеграцияни баҳолаш мезонлари ҳам ўзгариб боради. Савдо айланмаси ва инвестициялар ҳажми асосий кўрсаткич бўлиб қолади, лекин улар қаторига етказиб бериш муддати, логистика харажатлари, саноат кооперацияси, қўшма лойиҳалар, рақамли хизматлар ва жалб қилинган хусусий капитал каби кўрсаткичлар ҳам кириб боради.
Айнан шу жиҳат туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги иқтисодий мазмунини белгилайди - товарлар савдосидан ўзаро боғланган ишлаб чиқариш, транспорт, молия ва рақамли инфратузилма тизимига ўтиш.
Латофат Буриева
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази